"Челси" бош мураббийи Жозе Моуриньо "Тоттенхэм" ҳам даъвогарлик қилаётган яримҳимоячи Виллианнинг жамоасига ўтиш имкониятлари ҳақида фикр юритди. Португалиялик мутахассис, шунингдек, Хуан Мата ҳеч қаерга кетмаслигини маълум қилган.
"Виллиан аллақачон бир қарорга келганга ўхшамоқда. Лекин мен бу ҳақда олдиндан бир нарса дейишни хоҳламасдим. Ахир баъзида футболда воқеалар умуман кутилмаган тарзда ривожланади. Шундан бўлсада, мен ўйинчилар нимани хоҳлашларини биламан. Шунинг учун у бизнинг сафимизга келиб қўшилиши мумкинлигини яшириб ўтирмайман.
Виллиан, албатта, ҳали тиббий кўрикдан ўтиши керак. Бу жараён номақбул натижа билан тугаши ҳам мумкинку. Шартнома имзолашдан аввал тиббий кўрикдан албатта ўтилиши керак. Яхшиси, унинг натижаларини сир сақлаш керак. Агар ҳаммаси жойи бўлса, шартнома имзолайвериш мумкин. Агар бирор муаммо чиқса, мана шу сир сақлашгани яхши бўлади.
Руни бўйича аввал айтганларимга ҳеч нарса қўшимча қила олмайман. Тушунинг, ҳа, мен саволларингизга жавоб беришим ва очиқ гаплашишим керак. Лекин ҳозирги вақтда баъзи нарсаларни сир сақлашга тўғри келяпти.
Умуман олганда, таркибимиздан кўнглим тўқ. Лекин биласизми, мураббийлар шундай деяётган бўлсалар, аслида ундай эмас бўлади. Ҳар доим яхшилаш учун нимадир топилади, ҳеч қайси мураббий бирор позицияни кучайтиришга йўқ демайди.
Ҳа, ким биландир шартнома имзоласак, ким биландир хайрлашишимизга тўғри келади. Лекин биз ҳеч кимни сотувга қўймоқчи эмасмиз. Бизни фақат ижарага олиш борасида таклифлар қизиқтириши мумкин, холос. Менга таркибда 22 ўйинчи керак, шунинг учун кимдир унга қўшилса, кимдир ундан чиқиши керак.
Бирор футболчи билан хайрлашиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, лекин ижара - бу бошқа гап. Таркибимизда ҳаддан ортиқ кўп футболчи бўлиши менга ёқмайди. 22 ўйинчи - бу талабларимизга жавоб берувчи энг яхшисидир.
Мата ҳам ҳеч қаерга кетмайди. Ҳаммаси уйдирма. У бизга керак ва уни сақлаб қолишни хоҳлаймиз. Биз таркибни кучсизлантириш эмас, балки кучайтириш ҳақида ўйлаймиз. Шундай экан, Хуанни йўқотишни хоҳламаймиз", деди Моуриньо.