Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти «Порту»нинг 41 ёшли ҳимоячиси Тьяго Силвани жаҳон чемпионатига чақириши мумкинлигини айтди.
«Мен ҳеч қачон паспортдаги туғилган санага қарамайман. Барча ўйинчилар жаҳон чемпионати учун тузиладиган ушбу рўйхатга кириши мумкин. Унинг ёши 41 дами, бунинг аҳамияти йўқ. Агар у муносиб бўлса, у ерда бўлади. Ёш — муаммо эмас», — деди Анчелотти матбуот анжуманида.
Тьяго Силва 2026 йилда эркин агент сифатида «Флуминенсе»дан «Порту»га ўтган эди. Унинг шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
Жорий мавсумда ҳимоячи Португалия клуби сафида барча турнирларда тўққизта ўйин ўтказди. Тьяго Силва Бразилия терма жамоаси таркибида жами 113 та ўйин ўтказиб, 7 та гол уришга муваффақ бўлган.













