«Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Нико О’Райли Премьер-лига чемпионлиги учун кечаётган қизғин кураш ва жамоадаги ички муҳит ҳақида фикр билдирди.
«Шаҳарликлар» кетма-кет ғалабали серия қайд этиб, турнир жадвалида «Арсенал»га етиб олган эди. Бироқ сўнгги турлардан кейин «канонирлар» яна 3 очколик фарқ билан олдинга ўтиб кетишди. Шундай бўлса-да, Хосеп Гвардиола шогирдлари ихтиёрида битта захира ўйини мавжуд.
«Биз ўзимизга ишонамиз ва жамоамиз қанчалик кучли эканини яхши биламиз. Таркибимиздаги кўплаб футболчилар аввал ҳам бундай босим остидаги вазиятларга тушишган — улар бизга катта ёрдам беришмоқда. Олдинда ҳал қилувчи ҳафталар ва бир нечта қийин ўйинлар кутиб турибди. Ҳаммаси энг сўнгги сонияларда ҳал бўлиши мумкин, аммо биз ишончни йўқотмаймиз. Воқеалар ривожини кузатамиз», — дея О’Райлининг сўзларини келтирмоқда City Xtra.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» навбатдаги учрашувини душанба, 4 май куни сафарда «Эвертон»га қарши ўтказади.













