Португалиянинг «Порту» клуби вингери Оскар Петушевски Англия Премьер-лигаси грандлари эътиборига тушди. Бу ҳақда Record нашри хабар бермоқда.
Манбанинг сўзларига кўра, 18 ёшли футболчи учун асосий даъвогар сифатида «Ливерпуль» клуби кўрилмоқда. Бироқ мерсисайдликлар ушбу трансфер борасида жиддий рақобатга дуч келишлари мумкин — «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Ньюкасл» клублари ҳам футболчининг ҳаракатларини диққат билан кузатиб бормоқда.
Петушевски жорий йилнинг январь ойида Польшанинг «Ягеллония» жамоасидан 8 млн евро эвазига «Порту» сафига ўтган эди. Португалия клуби таркибида у тез фурсатда ўзини кўрсатишга улгурди: чап қанот вингери 14 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та голли ҳаракатни (гол ва ассист) ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Қайд этилишича, «аждарлар» иқтидорли футболчисини арзонга қўйиб юбормоқчи эмас. Унинг шартномасидаги товон пули (клаусула) 60 млн евро этиб белгиланган.













