2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилувчи АҚШ шаҳарларида меҳмонхоналарга бўлган талаб кутилганидан анча паст бўлиб чиқмоқда. Мусобақа 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлса-да, ҳозирда кўплаб меҳмонхоналарда бўш жойлар етарлича, деб хабар бермоқда RMC Sport.
АҚШнинг 30 мингдан ортиқ муассасасини бирлаштирган Меҳмонхоналар ва жойлаштириш воситалари ассоциацияси (AHLA) маълумотларига кўра, чемпионат ўтказиладиган 11 та шаҳардаги меҳмонхоналарнинг аксарияти банд қилиш кўрсаткичларидан қониқмаяпти. Ўтказилган сўровномада иштирок этган респондентларнинг қарийб 80 фоизи банд қилинган жойлар сони «дастлабки прогнозлардан анча паст» эканини маълум қилган.
Бунинг натижасида аксарият меҳмонхоналар нархларни туширишга мажбур бўлмоқда. Шунингдек, талаб пастлиги ва ноаниқликлар туфайли айрим муассасалар ЖЧ-2026 билан боғлиқ тадбирларга инвестиция киритишни, брендлар билан ҳамкорлик дастурларини ва вақтинчалик таъмирлаш ишларини тўхтатиб қўйган.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, агар банд қилиш даражаси пастлигича қолса, мезбон шаҳарлар ФИФА ва бошқа ташкилотлар томонидан ваъда қилинган солиқ тушумларини тўлиқ ололмаслиги мумкин. Бу эса турнирдан кутилаётган иқтисодий фойда кутилганидан анча кам бўлишини англатади.













