Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида теннис бўйича ўтказилаётган “Улкан тож” туркумига кирувчи АҚШ очиқ чемпионатида ҳамюртимиз Денис Истомин жуфтликлар мусобақасининг дастлабки босқичида имкониятни бой берди.
Британиялик шериги Кен Скупски билан кортга чиққан ҳамюртимиз дастлабки босқичда чехиялик Ярослав Левински ва Иржи Весели дуэти билан куч синашди ва икки сет якунларига кўра 3-6, 3-6 ҳисобида имкониятни бой берди.
Эслатиб ўтамиз, Денис Истомин яккалик баҳсларида биринчи давра учрашувини ғалаба билан якунига етказган. Дунёнинг етакчи ракетка усталаридан бири испаниялик Николас Альмагрога қарши кечган ўйинда ҳамюртимиз 6-3, 6-1, 4-6, 6-3 ҳисобида зафар қучиб, бош соврин учун курашни давом эттирмоқда. Иккинчи босқичда Денис Истомин германиялик Тобиас Камкега қарши бугун кортга чиқади.
АҚШ очиқ чемпионати баҳслари 9 сентябрга қадар давом этади.