ФИФА президенти Жанни Инфантино ЖЧ-2026 ўйинлари чипта нархлари борасидаги танқидларга ҳазил билан жавоб қайтарди. Аввалроқ чипталарнинг янги тоифаси жорий этилгани ва уларнинг нархи 2300 долларгача етиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
«Агар кимдир финал чиптасини икки миллион долларга сотиб олса, у вақтини аъло даражада ўтказиши учун хот-дог ва колани шахсан ўзим олиб келиб бераман.
Биз бозорни ҳисобга олишимиз керак, чунки дунёдаги энг ривожланган кўнгилочар бозорга эга мамлакатда ишлаяпмиз. Шу сабабли бозор нархларини қўллашимиз шарт. АҚШда чипталарни қайта сотишга рухсат берилган. Агар чипталарни жуда арзон сотсангиз, улар барибир анча қиммат нархда қайта сотилади. Баъзилар нархларимизни юқори деса-да, бу чипталар қайта сотиш бозорида икки баравар қимматроқ нархда пайдо бўлмоқда», — деди Инфантино Беверли-Хиллздаги конференцияда.
ФИФА президенти, шунингдек, гуруҳ босқичи чипталарининг 25 фоизи 300 доллардан арзонроқ эканини таъкидлади. Маълумотларга кўра, ФИФА ҳозиргача чипталар учун 500 миллиондан ортиқ ариза қабул қилган.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 мусобақаси 11-июндан 19-июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.













