«Барселона» клубининг собиқ ҳимоячиси Жерар Пике фонд бозоридаги амалиётлари сабабли 200 минг евро миқдорида жаримага тортилди.
Бу ҳақда Испания Қимматли қоғозлар ва биржалар миллий комиссияси (CNMV) хабар берди. Қарорга кўра, собиқ футболчи 2021 йилнинг бошида амалга оширган олди-сотди ишлари учун жазоланган.
Пике инсайдерлик маълумотларидан фойдаланган ҳолда акцияларни сотиб олган ва сезиларли фойда кўрган. Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 22 январида «Atrys Health» компанияси «Aspy Global Services»ни сотиб олиш таклифини эълон қилган. «Aspy» бош директори Хосе Элиас Наварро ушбу келишув эълон қилинишидан икки кун олдин Пикега музокаралар ҳақида маълумот берганликда айбланмоқда.
Испаниялик собиқ футболчи ҳар бир донаси 2,29 евродан бўлган 104 166 дона акцияни сотиб олиб, жами 240 000 евро сарфлаган. Акциялар сотилган куни, яъни 27 январда уларнинг нархи 22 фоизга ошиб, 2,80 еврога етган ва натижада Пикенинг активи қиймати 50 минг еврога кўпайган.
Испания Қимматли қоғозлар миллий комиссияси бу ҳолатни «махфий маълумотларга эга бўлган ҳолда акцияларни сотиб олиш орқали бозорни суиистеъмол қилиш» деб баҳолади.













