«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Каталония клуби билан шартномани узайтириш ҳақидаги саволга жавоб берди.
Аввалроқ, германиялик мутахассис келишувни 2028 йилгача, яна бир йилга узайтириш имконияти билан янгилаши ҳақида хабар берилган эди.
«Биз бу ҳақда эълон қилдикми? Мен жуда бахтлиман ва эришилган натижалар менга яна бир ёки икки йил давом этиш учун ишонч бағишламоқда. Кўпчилик мураббийлар уч ёки тўрт йил ишлашдан хурсанд бўлишарди, лекин менимча, «Барселона»да бу муддатни чегаралаб қўйган маъқул. Айни дамда менинг шартномам 2028 йилгача мўлжалланган ва агар ҳаммаси яхши бўлса, уни узайтирамиз. Бу ҳар икки томон учун ҳам манфаатли келишув бўлди.
Мен тўғри жойда эканлигимни тушуниб етдим. Максимал даражага интилиш ва янги совринларни қўлга киритиш — бизнинг мажбуриятимиздир. Ҳаммада Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш орзуси бор. Биз уни қўлга киритишга ҳаракат қилдик ва бу ҳаракатни давом эттирамиз. Менга билдирилган ишонч ва ишимни давом эттириш имконияти учун миннатдорман», — деди Флик.













