«Манчестер Сити»нинг бўлажак бош мураббийи Энцо Мареска жамоа билан учрашув ўтказишни режалаштирди. Италиялик мутахассис футболчилар таътилга ёки терма жамоалар ихтиёрига жўнаб кетишларидан олдин, кейинги ҳафтада улар билан учрашиш ниятида, деб хабар бермоқда журналист Джереми Кросс.
Мураббий футболчилар билан мавсум олди тайёргарлик режаларини муҳокама қилмоқчи. Шунингдек, Мареска ёзда испаниялик мутахассисдан мерос бўлиб қоладиган таркиб ҳақида батафсил маълумот олиш учун Хосеп Гвардиола билан ҳам шахсан учрашиши тахмин қилинмоқда. Гвардиоланинг кетиши ҳозирча расман тасдиқланмаган бўлса-да, нуфузли манбаларнинг хабарига кўра, ҳамма нарса аллақачон ҳал бўлган. Мареска клуб билан 2029 йилгача мўлжалланган шартномани олдиндан келишиб қўйган.













