«Пари Сен-Жермен» ҳужумчиси Усмон Дембеле келажакда нималарга эришмоқчи эканлиги ҳақида гапирди. Амалдаги «Олтин тўп» соҳиби бўлмиш футболчи 30 май куни парижликлар сафида яна бир бор Чемпионлар лигаси ғолибига айланиши мумкин. Ҳал қилувчи финалда Луис Энрике жамоаси «Арсенал» билан тўқнаш келади.
«Мен ҳам энг муҳим, ҳам оддий ўйинларда ҳозирги сермаҳсуллигимни сақлаб қолишни истайман. Мен голлар, голли узатмалар ва совринларга очман. Шунингдек, баъзи учрашувларда ўйинни ўз қўлингга олиш ва бор маҳоратингни кўрсатиш алоҳида аҳамиятга эга эканлигини яхши тушунаман — бўлажак финал айнан шундай баҳс бўлади», — дея Дембеленинг сўзларини келтирмоқда RMC Sport.
29 ёшли француз жорий мавсумда «ПСЖ» сафида барча турнирларда 39 та учрашувда майдонга тушиб, 19 та гол ва 11 та ассист муаллифига айланди.













