«ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике «Манчестер Сити» устози Хосеп Гвардиоланинг фаолиятидаги қайси жиҳатлар уни ҳайратга солишини сўзлаб берди. Аввалроқ испаниялик мутахассиснинг «Сити»даги 10 йиллик даври якунига етгани маълум бўлган эди. У 2025/2026 йилги мавсум тугаганидан кейин клубни тарк этади.
«У ҳақиқий намунадир, чунки мен учун у барча даврларнинг энг яхши мураббийи ҳисобланади. Бунга сабаб у қўлга киритган совринлар сони эмас, балки у майдонга олиб кираётган ғоялар, буни қандай амалга ошираётгани, Пепнинг футбол ўйинини қандай ўзгартира олгани ҳамда марказий ёки қанот ҳимоячиларини майдон марказига кўчиришга ботинганидир», — дея «Movistar» Энрикенинг сўзларини келтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 33-тур якунларига кўра «Сити» АПЛ чемпионлиги учун имкониятларни йўқотди ва бош соврин 22 йил ичида илк бор «Арсенал»га насиб этди. Гвардиола эса ушбу мавсумда ўз ҳисобига Англия Кубогини ёздириб қўйишга муваффақ бўлди.













