«Эвертон» бош мураббийи Дэвид Мойес унинг жамоаси АПЛнинг сўнгги турида «Тоттенхэм»ни мағлуб этишга ҳаракат қилишини айтди. Ушбу натижа лондонликларни Чемпионшипга равона қилиши ва айни пайтда «Вест Хэм»га лигада қолишга ёрдам бериши мумкин.
Мойес илгари икки марта «Вест Хэм»ни бошқарган. 2023 йилда у жамоани Конференциялар лигасидаги ғалабага бошлаб келган эди.
«Агар иложи бўлса, «Вест Хэм»ни АПЛда сақлаб қолишни истардим. Лекин мен учун мавсумни «Эвертон» билан жадвалнинг юқори қисмида якунлаш ва якуний ўрин учун клубга яна бир неча миллион ишлаб бериш муҳимроқ», — дея мураббийнинг сўзларини Goal.com келтиради.
Сўнгги тур олдидан «Тоттенхэм» 17-ўринни эгаллаб турибди ва «Вест Хэм»ни атиги 2 очкога ортда қолдирмоқда. «Шпорлар»га Англия чемпионатидаги ўрнини кафолатлаш учун «Эвертон» билан дуранг ўйнаш кифоя. Бу вақтда «Вест Хэм» «Лидс»ни мағлуб этиши шарт бўлади.













