Бразилия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Каземиро журналистнинг Неймар ҳақидаги навбатдаги саволига кескин жавоб берди. Каземиро «Сантос» ҳужумчиси ҳақидаги саволлардан чарчаганини билдириб ўтди.
«Биз ҳар сафар бу ерга келганимизда, гапирадиган ягона мавзуимиз — Неймар, Неймар, Неймар... Менимча, Неймар ҳам таркибдаги бошқалар каби оддий футболчи, у 26 нафар ўйинчи орасидаги муҳим футболчи, холос», — деди Каземиро оммавий ахборот воситалари вакилларига.
Аввалроқ Неймар яна жароҳат олгани сабабли, Бразилия терма жамоасининг мундиал учун қайдномасидан чиқариб ташланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Бразилия терма жамоаси Марокаш (14 июнь), Гаити (20 июнь) ва Шотландия (25 июнь) терма жамоаларига қарши майдонга тушади.













