Испаниянинг El Diario Montanes нашри тарқатган хабарга кўра, “Барселона” клуби “Расинг Сантандер” жамоаси ҳимоячиси Хорхе Салинасни ўз сафига қўшиб олиш учун асосий даъвогарга айланган.
19 ёшли чап қанот ҳимоячиси ортда қолган 2025/26 йилги мавсумни Сегундада жуда юқори даражада ўтказди. У майдонга тушган 33 та учрашувда ўз ҳисобига 7 та голли узатмани ёздириб қўйиб, “Расинг”нинг чемпионликни қўлга киритиши ва Ла Лигага йўлланма олишига катта ҳисса қўшди.
Ёш футболчининг манфаатларини таниқли суперагент Жорже Мендеш ҳимоя қилади. Унинг Каталония клуби раҳбарияти билан яқин алоқалари ушбу трансфернинг “Камп Ноу”да муваффақиятли якунланишини тезлаштириши мумкин.
Клуб раҳбарияти Алехандро Бальденинг сўнгги пайтлардаги беқарор ўйинлари туфайли ушбу чизиқни кучайтиришни мақсад қилган. Салинаснинг трансфери “Барселона”нинг чап қанот ҳимоясидаги рақобатни кучайтириш билан бирга, таркиб чуқурлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.













