Франция терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Тьерри Анри «уч ранглилар» сафидаги унчалик машҳур бўлмаган футболчи Ману Коне ҳақида юқори фикр билдирди. 25 ёшли футболчи жамоанинг Жаҳон чемпионати учун қайдномасига киритилди.
«Бир йигит борки, одамлар у ҳақда унчалик кўп билишмайди, у «Рома»да ўйнайди. Мен у билан Олимпиадада бирга ишлаганман. Бу — Ману Коне. Менимча, ҳозирги вақтда у дунёдаги энг яхши таянч ярим ҳимоячиларидан бири», — деб Анрининг сўзларини келтиради «Sportbible».
«У ўз ишини хотиржамлик билан бажаради ва диққат марказида бўлишга интилмайди. Менимча, унинг номи суҳбатларда жуда кам тилга олинади, гарчи у Франция терма жамоаси асосий таркибида майдонга тушса ҳам. Бундай жамоада ўйнаш учун эса ҳақиқатан ҳам кучли футболчи бўлиш керак».
«Жаҳон чемпионатида ўйнайдими ёки йўқ, билмадим, лекин ҳозирги кунда айнан уни ушбу терма жамоада кам гапириладиган футболчи деб атаган бўлардим. Ҳамма Дембеле, Дуэ, Баркола, Салиба, Конате ҳақида гапиради. Унинг номи эса деярли тилга олинмайди. Мен эса уни жуда-жуда ишончли футболчи деб ҳисоблайман».
«У доим жамоага ёрдам беради. Бу айнан мухлислар чин дилдан қадрлайдиган ўйинчи тури — ҳақиқий халқ суюклиси. Масалан, мен бир вақтлар «Ливерпуль» мухлислари Дирк Кёйтни қандай яхши кўрганини эслайман. У типик суперюлдуз эмасди, лекин одамлар уни жамоа ўйинига қўшган ҳиссаси учун яхши кўришарди. Ману ҳам айнан шундай футболчи. Уни яхши кўрмасликнинг иложи йўқ, чунки у доим ўйинга ўзини 100 фоиз бағишлайди».
Эслатиб ўтамиз, Коне ҳисобида Франция терма жамоаси сафида ўтказилган 12 та ўйин мавжуд.













