«Марсель» зарар миқдори меъёрдан ошгани сабабли еврокубоклардан четлатилиши мумкин.
L’Equipe нашрининг DNCG ҳисоботларига таяниб хабар беришича, клубнинг охирги уч мавсумдаги соф зарари қарийб 157 миллион еврони ташкил этган, шундан 105 миллион евроси 2024/25 йилги мавсумга тўғри келади. Таъкидлаш жоизки, 2022 йилда «Марсель» УЕФА билан «тартибга солиш битими»ни имзолаган эди. Унга кўра, клуб молиявий фэйр-плей стандартларига мувофиқ кўрсаткичларни мувозанатга келтириши шарт эди (стандартларга кўра, уч мавсумда максимал зарар 60 миллион евродан ошмаслиги керак).
УЕФА «Марсель» ишини сешанба куни кўриб чиқиши кутилмоқда. Клуб молиявий аҳволнинг ёмонлашувини Франциядаги телерадиоэшиттириш ҳуқуқлари билан боғлиқ инқироз билан изоҳламоқда. Агар ҳимоя томонининг важлари УЕФА экспертларини ишонтирмаса, «Марсель»га келаси мавсумда Европа лигасидан четлатишгача бўлган жиддий санкциялар қўлланилиши мумкин.













