Португалия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес мавсум якунида «Манчестер Сити»ни тарк этадиган ярим ҳимоячи Бернарду Силванинг маҳоратига юқори баҳо берди.
«Менимча, Бернарду шунчалик ажойиб футболчики, у исталган жамоа кийиниш хонасига осонгина киришиб кета олади. Бундай ўйинчилар шунчаки пайдо бўлиб қолмайди, у ҳар қандай услуб ва ўйин тизимига мослашиб, уларни янада яхшилай олади.
Бу ерда гап позицияда эмас, балки ундаги футбол интеллектида. Унинг техникаси майдондаги ўзи иштирок этган ҳар қандай вазиятда устунлик қилишга ёрдам беради. Унинг «Барселона»га мослашиб кетишига шубҳам йўқ», – деди Мартинес.
Аввалроқ Бернардунинг «кўк-анорранглилар» сафига эркин агент мақомида қўшилиши мумкинлиги хабар қилинган эди.













