Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн 2026 йилги Жаҳон чемпионати «Е» гуруҳи 1-туридан ўрин олган Кюрасао терма жамоасига қарши учрашувдаги (7:1) ўйинни баҳолади.
Баҳс 14 июнь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги «NRG Stadium» стадионида бўлиб ўтди ва немисларнинг 7:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ушбу натижа орқали Германия турнирнинг финал босқичларида урилган голлар сони бўйича рекорд ўрнатди (239 та гол). Германия терма жамоаси сафида Кай Хаверц дубль қайд этди ва у учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
«Рақиб ҳисобни тенглаштирган вазиятда ўйинимизни қайта тиклаб олишимиз учун бир неча дақиқа талаб қилинди. Кўрганимиздек, Кюрасао терма жамоаси ҳам футбол ўйнашни билади. Ушбу жамоанинг гуруҳдаги кейинги ўйинларда ўзини қандай кўрсатиши мен учун қизиқ. Еттита гол урганимиздан жуда мамнунман, қолаверса, ижромиздаги ўйин менга деярли тўлиқ ёқди. Турнирни ғалаба билан бошлаш доимо муҳим ҳисобланади. Буни уддалаганимиздан жуда ҳам хурсандмиз», — дея Нагельсманннинг сўзларини келтиради ФИФА матбуот хизмати.
20 июнь куни Германия Жаҳон чемпионати доирасида Кот-д'Ивуарга қарши майдонга тушади, 25 июнь куни эса Эквадор билан куч синашади. Футбол бўйича Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида бўлиб ўтмоқда ва 19 июль куни якунига етади.













