Дортмунднинг «Боруссия» клуби форварди Серу Гирасси фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда журналист Патрик Бергер хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, Лондоннинг «Тоттенхэм» клуби 30 ёшли ҳужумчини сотиб олишни мақсад қилган ва Бундеслига вакилини ўзининг ёзги устувор трансфер мақсадига айлантирган. Шу билан бирга, Гирассининг ҳаракатларини «Астон Вилла», «Милан» ва «Атлетико Мадрид» клублари ҳам кузатиб бормоқда.
Алоҳида таъкидланишича, ҳужумчининг вакиллари «Фенербаҳе» билан келишувга эришилгани ҳақидаги хабарларни рад этишган, бироқ айни дамда футболчи ўзи учун очиқ бўлган барча вариантларни ўрганиб чиқмоқда.
Якунланган мавсумда Гирасси барча турнирларда жами 46 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 22 бор ишғол қилди ва 6 та голли узатма муаллифига айланди.













