Франциялик афсонавий собиқ футболчи Патрик Виейра Англия терма жамоасининг ЖЧ-2026даги имкониятлари ҳақида ўз фикрини билдирди.
«Арсенал»нинг собиқ хавбеки сўзларига кўра, «уч шерлар»нинг муваффақияти кўп жиҳатдан Жуд Беллингемнинг кўрсатадиган ўйинларига боғлиқ бўлади.
«Жамоа жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиши учун унинг энг яхши футболчиси ўз имкониятларининг энг юқори чўққисида ўйнаши керак. Мен Беллингем ҳақида гапиряпман. Агар Жуд ўзининг энг яхши ўйинини намойиш эта олмаса, Англия турнирда ғолиб чиқа олмайди», — дея Виейранинг сўзларини Madrid Xtra нашри келтирмоқда.
Томас Тухель шогирдлари мундиалдаги илк учрашувда Хорватия устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўша баҳсда Жуд Беллингем битта гол уришга муваффақ бўлган бўлса, қолган голларга Харри Кейн (дубль) ва Маркус Рэшфорд муаллифлик қилишди.













