Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель ярим ҳимоячи Жуд Беллингемнинг рекорди ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Мадриднинг «Реал» клубининг 22 ёшли вакили Англия терма жамоаси сафида 50 та ўйин ўтказган энг ёш футболчига айланди. Ярим ҳимоячи ушбу маррани ЖЧ-2026 доирасидаги Ганага қарши голсиз дуранг билан якунланган баҳсда забт этди.
«Яқин орада у яна 50 та ўйин ўтказади! Ушбу турнир Жуднинг энг яхши томонларини очиб бермоқда. Унда жиддий устунлик бор – у айниқса максимал босим остида жуда яхши ўйнайди. Мен унинг жамоага қанчалик содиқлигини, 100 фоиз бор кучини беришга интилаётганини кўрдим. Унинг иқтидори нечоғли юқори эканлигини ва биз учун муҳимлигини яна бир бор эслатиб ўтишга ҳожат йўқ», — деди Тухель ITV билан суҳбатда.
Айнан Беллингем ФИФА томонидан Англия – Гана учрашувининг энг яхши футболчиси соврини билан тақдирланди.













