Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн ЖЧ-2026 тақвимидан норозилигини билдирди. У гуруҳдаги ғалаба жамоани плей-офф ўйинларига тайёргарлик кўришда аслида ноқулай ҳолатга солиб қўйишини қайд этди.
Немислар якуний турда Эквадорга мағлуб бўлганига қарамай, «Е» квартетида биринчи ўринни нақд қилишган. Жамоанинг 1/16 финалдаги рақиби фақат бошқа гуруҳлардаги ўйинлар якунланганидан кейингина маълум бўлади.
«Бу идеал вариант деб ўйламайман. Шундай чиқяптики, сен қайсидир маънода гуруҳда биринчи ўринни олганинг учун жазоланяпсан. Мен бундай форматнинг катта мухлиси эмасман», — дея Нагельсманннинг сўзларини Goal.com нашри келтиради.
Мураббийнинг сўзларига кўра, мураббийлар штаби деярли дам олмасдан ишлашига тўғри келади.
«Бутун шанба кечасини ўйинлар видеоёзувларини томоша қилиш билан ўтказиш ва якшанба куниёқ жамоага рақиб таҳлилини тақдим этишдан кўра яхшироқ вариантлар борлигини ҳар ким тасаввур қила олади», — деб қайд этди мутахассис.
«Биз энг эҳтимолий рақибларни ўзаро бўлишиб олдик. Мен бир нечта ўйинни кўриб чиқдим, таҳлилчилар ҳам. Ҳар биримиз потенциал рақибларнинг уч-тўрттадан ўйинини ўрганиб улгурдик».
Германия терма жамоасининг плей-оффдаги дастлабки ўйини 29 июнь куни бўлиб ўтади.













