«Андижон» ҳамда Россиянинг «Енисей» (1:1) жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувидан кейин рақиб жамоа бош мураббийи Сергей Ташуев «Андижон» матбуот хизматига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Ўйин ҳақида фикрингиз қандай?
— Яхши спарринг бўлди. Рақиб таркибида маҳаллий ва хорижлик футболчиларнинг борлиги ўйиннинг қизғин ўтишига сабаб бўлди.
— Бир сўз билан айтганда, «Андижон» сизда қандай таассурот қолдирди?
— Юқорида айтганимдек, таркиб яхши ва шунга мос равишда баҳсимиз анча қизғин кечди. Аммо футболда ўсишнинг чегараси бўлмайди. Ана шундай назорат учрашувлари орқали мураббийлар қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини билиб олишади.
— Ўйиндан кўнглингиз тўлдими?
— Умумий маънода сўраяпсизми ёки жамоамнинг ўйини ҳақидами?
— Умумий маънода...
— Албатта, кўнглим тўлди. Қизиқарли ва курашларга бой учрашув гувоҳи бўлдик. Бундай ўйин ҳаммага фойдали. Айниқса, таркибдаги ёш футболчилар учун жуда катта тажриба бўлади.
— Жамоамиздаги қайси футболчилар сизда яхши таассурот қолдирди?
— Футболчиларингизнинг исм-шарифларини билмайман. Менга кўпроқ ҳужум чизиғининг ўнг қанотида ҳаракат қилган футболчингиз маъқул келди. Аммо, ростини айтсам, учрашув давомида бутун эътиборим ўз шогирдларимда бўлди.













