Ўзбекистонлик таниқли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров АҚШда бўлиб ўтаётган футбол бўйича 2026-йилги Жаҳон чемпионати ўйинларини стадиондан томоша қилди. Шахматчи мусобақа доирасида Ўзбекистон миллий жамоасини бевосита стадиондан қўллаб-қувватлади ҳамда ўзининг турнир ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
Журналистнинг Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2026 даги иштирок ва стадиондаги муҳит ҳақидаги саволига Синдаров қуйидагича фикр билдирди:
“Футбол фантастик даражада бўлди. Муҳит ва у ердаги барча нарса жуда ажойиб эди. Мен бундан ростдан ҳам завқ олдим. Фақатгина ўйин ҳисоби биз учун яхши бўлмади, бироқ бу мамлакатимиз учун илк тажриба эканини тушуниш керак. Биз кичик давлатмиз, шунга қарамай, яхши тажриба тўпладик. Умид қиламанки, келаси сафар миллий жамоамиз янада кучлироқ бўлиб қайтади”, дейди шахматчи.
Суҳбат якунида журналистнинг “Сизнингча, футбол тарихидаги энг яхши ўйинчи ким?” деган саволига гроссмейстер аниқ жавоб қайтарди:
“Одамлар буни билишлари керак, мен Мессининг мухлисиман”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик гроссмейстер АҚШда илк бор ташкил этилган Даниэль Народицкий хотира турнирининг рапид йўналишида ғолибликни қўлга киритгани хабар қилдинган эди. Америкалик гроссмейстер, шарҳловчи ва стример Даниэль Народицкий хотирасига бағишланган мусобақада Синдаров етти тур якунига кўра 6 очко жамғариб, ҳиндистонлик гроссмейстер Аравинд Читамбарам билан биринчи ўринни бўлишди.













