Мусобақанинг жадвалининг юқори қисмида бораётган "Локомотив" ва "Насаф" жамоалари ўртасидаги баҳс чемпионлик учун курашда муҳим аҳамиятга эга эди. Мабодо, Ҳаким Фузайлов шогирдлари ўз майдонларида қаршиликларга ютқазиб қўйишса, деярли чемпионлик орзусидан воз кечишларига тўғри келарди.
Шунинг учун бўлса керак, темирйўлчилар ҳужумларни шиддатлироқ ташкил қилган бўлсалар, "Насаф" асосан тўпни назорат қилишга ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда ўйин суръати тенг бўлган бўлса, иккинчи бўлимда Фузайлов майдон Жасур Ҳасанов ва иккинчи ҳужумчи Иван Нагаевни тушириш орқали ҳужумкорликни оширишга ҳаракат қилди.
Иккинчи бўлимда темирйўлчиларнинг рақиб дарвозаси олдида уюштирган кетма-кет босими 60-дақиқада наф келтирди. Аввалига қанотдан етказиб берилган тўпни Карпенко жарима майдончасига ичида кўкраги билан қайтариб, дарвоза томон кучли зарб билан йўллади. Қаршилик дарвозабон Суюнов тўпни муштлари билан майдон ташқарисига чиқариб юборди. Айнан мазкур бурчак тўпидан сўнг ҳисоб очилди. Жарима майдончасига етиб келган Евгений Гоголь боши билан дарвозанинг олис бурчагини нишонга олди.
Ўйиннинг 72-дақиқасида Садриддин Абдуллаевнинг 20 метрлардан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Элдор Суюнов тўпга ташланиб, уни қайтаришга кеч қолганди. Орадан 6 дақиқа ўтиб эса Шадрин жарима майдончаси ичида 3 нафар ҳимоячини алдаб ўтдию, дарвозабон қаршисида берган зарбасини Суюнов қўллари билан амаллаб майдон ташқарисига чиқариб юборди. Учрашувнинг 84-дақиқасида эса Бердиев шогирдлари майдон марказида тўпни рақибга олдириб қўйишди ва тўпни эгаллаган Нагаев 28-30 метрлардан тўпни дарвозанинг бурчагига "санчиб" қўйди.
Орадан 2 дақиқа ўтиб эса меҳмонлар сардори Артур Геворкян дарвозанинг бўш қолган қисми қаршисида туриб, дарвозани ишғол қила олмади. Негадир у тўпни дарвозага буриб юбориш ўрнига, уни ўзига бўйсиндира олмади. Август ойида ЎзПФЛнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган футболчи гол ура олганида, қаршиликларда ҳисобни тенглаштириш учун умид пайдо бўларди. Ўйинга қўшиб берилган компенсация вақтининг ҳисобни биттага қисқартириш уун яхши имконият пайдо бўлди, аммо Геворкяннинг кучли зарбаси ноаниқ чиқди.
"Локомотив" эса икки тўп фарқидаги устунликни сақлаб қолиб, камида бир кунга мусобақа пешқадамига айланди. "Насаф" эса 9та ўйиндан иборат ғалабали сериясига якун ясади. Бердиев шогирдларини Тошкентда "Пахтакор" ва "Бунёдкор"га қарши яна 2та қийин ўйинлар кутиб турибди.
ОЛИЙ ЛИГА. 18-ТУР.
"ЛОКОМОТИВ" - "НАСАФ" - 2:0 (0:0)
Голлар: Евгений Гоголь (60), Иван Нагаев (84)
Огоҳлантиришлар: Акмал Холматов (52), Темур Ғаниев (65)
"Локомотив": 12. Темур Ғаниев, 3. Евгений Гоголь, 7.Садриддин Абдуллаев, 8.Акмал Холматов (16.Жасур Ҳасанов 55), 11.Александр Шадрин, 17. Салим Мустафоев, 19. Ислом Иномов, 20.Ислом Тухтахужаев, 29. Виктор Карпенко, 30.Дилшод Жабборов, 99. Александр Оника (23. Иван Нагаев 57)
"Насаф": 25. Элдорбек Суюнов, 4.Мақсуд Каримов, 5.Ботир Қораев, 9.Илҳом Шомуродов (77. Суҳроб Неъматов, 57), 14. Лазиз Убайдуллаев, 17. Артур Геворкян (с), 20.Эркин Бойдуллаев, 27. Илҳом Юнусов, 32. Ҳамза Каримов (23. Шерзод Аъзамов 81), 34. Фаррух Сайфиев (29.Улуғбек Дадабоев 87), 41. Азамат Алланиёзов
Ҳакамлар: Ҳасан Рўзиев, Алишер Усмонов, Руслан Серазетдинов, Аҳмаджон Эргашев
Назоратчи: И.В.Нехочин