Кириш Регистрация
21/07 20:00 Бухоро - Бунёдкор
21/07 20:00 Пахтакор - Хоразм
21/07 20:00 Сўғдиёна - Нефтчи
22/07 20:00 Машъал - Насаф
22/07 20:00 Локомотив - Андижон
22/07 20:00 Қўқон-1912 - ОКМК

Жаҳон чемпионига айланган Ламин Ямал ҳақида 15 та маълумот

Баҳо:
+ | -

АҚШ, Канада ҳамда Мексика майдонларида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Финалда Испания Аргентина устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Испания сафида Ламин Ямал ҳам Европа, ҳам Жаҳон чемпионатида кубокни қўлга киритган энг ёш футболчилардан бирига айланди. Қуйида Ямал ҳақида сиз билмаган 15 та қизиқарли маълумот билан бўлишамиз.

1. Ламин Ямал — бу унинг тўлиқ исми. Фамилияси эса икки қисмдан иборат: Насрауи Эбана. Отаси асли марокашлик, онаси эса Экваториал Гвинеядан. Ўзи эса Испанияда туғилган. Бу мамлакатда болаларга кўпинча икки исм ва икки фамилия берилади. “Ламин” исми арабчадаги “ишончли, ишонишга лойиқ” маъносини, “Ямал” эса “гўзаллик” маъносини англатади.

2. Унинг ўзига хос гол нишонлаш усули — бармоқлари билан 3, 0 ва 4 рақамларини кўрсатишидир. Бу рақамлар у вояга етган Рокафонда маҳалласининг почта индексининг охирги уч рақамини ифодалайди. Ямал бу ишорани, ҳатто, ўзининг савдо белгиси сифатида рўйхатдан ўтказган ва шу ном остида турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

3. У “Ла Масия” академиясига кўчиб ўтган пайтда ота-онаси ажрашган. Ямал отаси билан ҳам, онаси билан ҳам яқин муносабатда, аммо онасига алоҳида меҳр қўяди: “Бир куни онам уйга бир шарф олиб келган эди. Мен уни дарров яхши кўриб қолдим, чунки ундан онам, отам ва итимизнинг ҳиди келарди. Ҳатто, ухлаганимда ҳам уни қўлимдан қўймасдим. Охири онам бунга чидай олмай, шарфни олиб ташлади. Кейин уйимизда янги адёл пайдо бўлди ва мен унга шарфдагидек боғланиб қолдим. Ҳозир ҳам онамникига борганимда, ўша адёлга ўранишни яхши кўраман”.

4. Ямал ижтимоий тармоқлардан кўра сериалларни афзал кўради: “TikTok томоша қилиш ўрнига сериал кўраман. Масалан, менга “Машаққатлар сари” (Breaking Bad) жуда ёқади. Дастлаб “Қочиш” (Prison Break) ҳам жуда қизиқ туюлганди, лекин кейинчалик зерикарли бўлиб қолди. Чунки барча фасллари деярли бир хил қолипда суратга олинган”.

5. У Европа чемпионатига кетаётганида ҳам мактабни унутмаган: “Албатта, уй вазифаларимни ҳам ўзим билан олиб кетдим. Ҳали ўрта таълимдаман, дарс қолдиришнинг иложи йўқ. Ҳозир онлайн ўқийман. Ҳаммаси яхши кетмоқда. Умид қиламанки, ўқитувчилар имтиҳонда мени қийнамайди”.

6. Бувисининг марокашча пишириқлари ва чойи унинг ёдидан ҳеч чиқмайди: “Бувим уларни менга илк бор боғда футбол ўйнаб қайтганимда тайёрлаб берган эди. Ўшанда жуда оч эдим. Таъми шу қадар мазали эдики, боғга қайтиб ҳам бормадим”.

Бувисининг учта насиҳатини ҳам доимо ёдда тутади: “Ҳеч қачон қора кийим кийма, кўпроқ кулиб юр ва отангни асра”.

7. Болалигида у ҳам стикерлар тўпламига ишқибоз бўлган. Баъзан тамаддига берилган бир неча еврони ҳам шунга сарфлаб юборган. Ўйин консоллари ўрнига эса Покемон карталари билан ўйнаган: “Оиламиз PlayStation ёки Nintendo сотиб олишга қодир эмас эди. Шунинг учун дўстларим билан бир евролик Покемон карталари билан ўйнардик”.

8. Агар футболчи бўлмаганида, эҳтимол стример бўларди: “Карантин даврида жонли эфирлар ва стримерлар жуда машҳур эди. Менимча, айнан шу иш менга энг кўп ёқарди”.

9. Адидас компанияси Ямал иштирокидаги фотосессия учун Барселона яқинидаги Гава шаҳридаги бутун бошли пляжни ижарага олган ва бунинг учун дунёнинг турли қитъаларидан келган юзлаб ходимларни жалб қилган.

10. Ямалнинг уйидаги энг муҳим аксессуарлардан бири — ванил ҳидли ҳаво тозалагичлар. Улар деярли барча хоналарга қўйилган, чунки футболчи айнан шу ҳидни жуда яхши кўради.


11. Унинг ғайриоддий орзуларидан бири — саккизоёқ боқиш: “Ўзимга саккизоёқ сотиб олмоқчиман. Аквариум ҳақида ҳам ўйлаганман. Аммо онам бунга рози эмас. 13 ёшимда 18 га киришингни кут, деган эди. Энди эса 21 ёшингни кут, дейди. Бу жуда ноодатий-ку: дўстларимнинг уйига борсам, уларда саккизоёқни кўрмайман, улар менинг уйимга келса эса кўришади”.

12. Одамлар уни таниб қолмасликлари учун кўп пул тўлашга тайёр:
“Шаҳар марказида бемалол бирор ичимлик ичишни истардим. Одамлар мени кўрсин, аммо кимлигимни билишмасин”.

13. Унинг фикрича, футбол босим эмас: “Босим деган туйғуни ҳеч қачон ҳис қилмаганман. Ҳақиқий босимни ота-онам бошдан кечирган — улар жуда ёш бўлишларига қарамай фарзанд тарбиялашлари керак эди. Мана шу ҳақиқий босим. Футбол ўйнаб туриб эса бундай ҳиссиётни сезмайман”.

14. Футболдан ташқаридаги энг катта орзуси эса жуда оддий: “Энг аввало яхши инсон бўлишни ва одамларга ёрдам беришни истайман. Футболдан кейинги энг муҳим нарса ҳам айнан шу”.

15. Агар унга бирор ғайритабиий қобилият берилса, у шуни танларди: “Одамларнинг кайфиятини ўзгартира олишни хоҳлардим. Кимдир хафа бўлиб менинг ўйинимни томоша қилса, уйига қайтаётганда ўзини анча яхши ҳис қилса — бундан ортиқ бахт йўқ”.

Эслатиб ўтамиз, Ламин Ямал “Барселона” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Футболчи 2023-йилдан буён “кўк-анорранглилар”нинг асосий таркибида тўп суриб келмоқда ва жамоа билан биргаликда 3 марта Испания чемпионлиги, 2 марта Испания Суперкубоги ва бир марта Испания Кубогини қўлга киритган. Испания терма жамоаси билан эса 2024-йилда Европа чемпионлиги шоҳсупасига кўтарилган.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 23:59, 20.07.2026.
Ўқилди: 1657 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик