«Интер Майами» клуби бразилиялик тажрибали ярим ҳимоячи Каземиро билан шартнома имзолаганини расман эълон қилди.
УЕФА Чемпионлар лигасининг беш карра ғолиби эркин агент сифатида жамоага қўшилди. Томонлар ўртасидаги битим 2027 йил мавсуми охиригача амал қилади. Шунингдек, шартномани 2029 йил июнигача узайтириш имконияти ҳам мавжуд. Каземиро виза расмийлаштирилганидан кейин жамоа сафига қўшилади.
Аввалроқ «Манчестер Юнайтед» клуби Каземиронинг жамоани тарк этганини тасдиқлаган эди. Бразилиялик футболчи 2025/2026 йилги мавсумда Англия Премьер-лигасида 34 та учрашувда иштирок этиб, 9 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
Каземиро фаолияти давомида «Сан-Паулу» (2010–2013), «Реал» (2013–2022), «Порту» (2014–2015, ижара асосида) ҳамда «Манчестер Юнайтед» клублари сафида тўп сурган.













