«Вулверхэмптон» ҳужумчиси Толу Арокодаре майдонни тарк этишдан бош тортиб, машғулотнинг бекор қилинишига сабаб бўлди, деб хабар бермоқда BBC ўз манбаларига таяниб.
Манбаларнинг хабарига кўра, 25 ёшли нигериялик футболчи майдонга ўтириб олган ва клубдан уни «Фиорентина»га қўйиб юборишларини талаб қилган.
Аввалроқ «Вулверхэмптон» А Серия клубининг таклифини рад этиб, «Трабзонспор»нинг таклифини қабул қилган эди.
Арокодаренинг бу хатти-ҳаракатлари янги бош мураббий Сезар Пейшотунинг 20 июль кунги машғулотни бекор қилишига олиб келди.
22 июль куни эса ҳужумчи «Мейденхед Юнайтед»га қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида майдонга тушмади.
«Бутун фаолиятим давомида мен ҳамиша ўзимни профессионал тутиш ва машғулотларда энг юқори стандартларни сақлаб қолиш билан фахрланиб келганман. Менинг асосий мақсадим ҳамиша жамоага чақирилганимда максимал даражада фойда келтира олиш учун иложи борича яхшироқ тайёргарлик кўриш бўлган.
Мен ҳали ҳам «Вулверхэмптон» билан шартномага эгаман ва ягона ниятим — ўз мажбуриятларимни профессионалона бажариш: машғулот ўтказиш, ўз ишимни қилиш ва ушбу шартномага мувофиқ жамоага ўз ҳиссамни қўшишдир», — деб ёзди Арокодаре ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Арокодаре 2025 йилнинг сентябрь ойидан бери «Вулверхэмптон» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2029 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
2025/26 йилги мавсумда ҳужумчи 43 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.













