Кириш Регистрация
23/07 20:00 Сурхон 1-2 Динамо
23/07 20:00 Навбаҳор 1-1 Қизилқум

ЖЧ-2030 финали мезбонлиги учун Испания ва Марокаш ўртасида жиддий кураш бошланди

Баҳо:
+ | -

Жаҳон чемпионати 2030-йилда Марокаш, Португалия ва Испания майдонларида бўлиб ўтади, бироқ турнирнинг ҳал қилувчи финал учрашуви қаерда ўтказилиши борасида ФИФА ҳозирча якуний қарорни эълон қилмади. Айни пайтда ушбу ўйинга мезбонлик қилиш учун Испания ва Марокаш ўртасида жиддий сиёсий ҳамда дипломатик кураш бошланган.

Испания томони финал учрашуви айнан ўз ҳудудида ўтказилишини таъкидламоқда. Мезбонлик учун иккита асосий номзод кўриб чиқиляпти: 2024-йил охирида кенг кўламли таъмирдан чиққан ва сиғими 83 000 тага етказилган Мадриддаги “Сантяго Бернабеу” ҳамда реконструкциядан сўнг 105 000 мухлисни қабул қила оладиган, бироқ таъмирлаш ишлари жадвалдан ортда қолаётган Барселонадаги “Камп Ноу” стадионлари.

Ўз навбатида, Марокаш ҳам жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакат Касабланка шаҳри яқинида қиймати 12 миллиард доллар бўлган, 115 000 ўринга мўлжалланган янги “Ҳасан II” стадионини барпо этмоқда. 2027-йилнинг охирида қурилиши битиши кутилаётган ушбу ўйингоҳ жаҳон футболидаги энг йирик стадион бўлиши мумкин.

Испания футбол федерацияси президенти Рафаел Лузан жорий йилнинг январ ойида финал ўйини Испанияда ўтишини қатъий ишонч билан таъкидлаб, пинҳона лоббизм курашини бошлаб юборган эди. У ўз сўзида Марокашда ўтказилган Африка Миллатлар Кубоги доирасидаги тартибсизликларни эслатиб ўтди.

“Испания кўп йиллар давомида ўзининг ташкилий ишлари билан мақтаниб келган ва шунинг учун ЖЧ-2030 да ҳам финал ўйинига биз мезбонлик қилишимиз керак. Марокаш ҳақиқатан ҳам ривожланиш босқичидан ўтмоқда, аммо Африка Кубоги доирасидаги баъзи ҳолатлар нафақат ушбу турнирга, балки бутун жаҳон футболи обрўсига путур етказади”, деди Лузан.

Эслатиб ўтамиз, январ ойида Работдаги 69 500 ўринли “Шаҳзода Мулай Абдулла” стадионида Сенегал ва Марокаш ўртасида кечган ўйинда мухлислар тартибсизлиги ҳамда учрашувнинг тўхтаб қолиши каби нохуш ҳолатлар кузатилган эди.

Марокаш футбол федерацияси раҳбари Фузи Лекжа испанларнинг ушбу эътирозларига босиқлик билан муносабат билдирди:

“Ўйинларни тақсимлаш бўйича ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган. Бу масалалар фақатгина учта мезбон давлат ва ФИФА ўртасидаги ўзаро маслаҳатлашувлар доирасидагина ҳал этилади”.

Бироқ манбаларнинг таъкидлашича, Марокаш парда ортида финал Касабланкада ўтиши учун фаол ҳаракат қилмоқда ва бу кураш келгусида янада қизғин тус олиши кутилмоқда. Агар якунда Касабланка танланса, Африка қитъаси ўз тарихида иккинчи марта мундиал финалига мезбонлик қилади. Бунгача фақатгина 2010-йилда Йоханнесбург (ЖАР) финалга мезбонлик қилган. Испания эса сўнгги бор 1982-йилги мундиал финалига мезбонлик қилган — ўшанда “Сантяго Бернабеу”да кечган ўйинда Италия ГФРни 3:1 ҳисобида мағлуб этган.

Киритилди: 20:18, 23.07.2026.
Ўқилди: 488 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик