«Барселона» шу ёзда Рональд Араухо жамоани тарк этган тақдирда, Жюль Кундени марказий ҳимояга ўтказиш вариантини асосий ечим сифатида кўриб чиқмоқда.
MD нашри хабарига кўра, Каталония гиганти Араухонинг келажаги борасидаги ноаниқликларга қарамай, янги марказий ҳимоячи қидирмаяпти. Бунинг ўрнига, бош мураббий Ханси Флик зарур ҳолларда Кундени ўзининг аслий позициясига қайтаришга тайёр.
Франциялик футболчи 2022 йилда «Барселона»га ўтгунига қадар «Севилья»да ҳимоя марказида ўйнаб, Ла Лиганинг энг кучли ҳимоячиларидан бири сифатида эътироф этилган эди. Флик қўл остида у асосан ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ҳаракат қилган бўлса-да, клуб раҳбарияти у вазият талаб этса, яна марказга муаммосиз қайтишига ишонмоқда.
«Барселона», шунингдек, Эрик Гарсиянинг ўнг қанот ҳимоясида ўйнай олишидан хотиржам, қолаверса, ёш футболчилар Эктор Форт ва Хави Эспарт ҳам бу позицияда қўшимча вариант ҳисобланади. Марказий ҳимояда эса Пау Кубарси, Андреас Кристенсен, Жерар Мартин ва академия тарбияланувчиси Альваро Кортес хизматидан фойдаланиш мумкин.
Ҳозирча «Барселона» янги ҳимоячи учун трансфер бозорига чиқишни режалаштирмаяпти ва Араухо кетган тақдирда ҳам муаммони ички имкониятлар эвазига ҳал қилишни афзал кўрмоқда.













