Константинос Карецас Дортмунднинг «Боруссия» клубига ўтишга жуда яқин турибди. Gazzetta.gr маълумотларига кўра, Германия клуби 18 ёшли ярим ҳимоячининг трансфери бўйича «Генк» билан принципиал келишувга эришди.
Музокараларнинг янги босқичидан сўнг «Боруссия» ўз таклифини яхшилади ва Бельгия клуби билан муроса топа олди. Карецаснинг ўзи эса дортмундликлар билан беш йиллик шартномани келишиб бўлган.
Футболчи яқин орада Германияга йўл олиши ва мавсумолди тайёргарликда жамоага қўшилиши кутилмоқда. Бонусларни ҳисобга олганда, келишув суммаси 35 миллион евродан ошади.
Ўтган мавсумда Карецас 49 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 18 та голли узатмани амалга оширди.













