Жорий йилнинг 7-15 сентябрь кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ёшлар (1996 йилга туғилган ва ундан кичик ёшдаги қизлар) ўртасида Осиё чемпионати ўтказилди.
Бешинчи бор ташкил этилган Осиё чемпионатида қитъанинг энг кучли терма жамоалари аниқланиши билан бирга, 2014 йили Македония давлатида ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмалари ҳам ўйналди.
Халқаро гандбол федерацияси қарорига кўра бўлажак жаҳон чемпионатига Осиё қитъаси учун тўрт ўрин ажратилган эди ва ушбу йўлланма эгалари қитъа чемпионати якунларига кўра дастлабки тўрт ўринни эгаллаган терма жамоаларга берилди.
Қувонарлиси, жаҳон чемпионатига йўлланма олган терма жамоалар қаторидан Владимир Коноплев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳам ўрин эгаллади.
Осиёнинг етакчи ҳисобланган етти терма жамоаси (Ж.Корея, Япония, Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Таиланд, Эрон) иштирокида ўтказилган қитъа чемпионатида мамлакатимиз гандболчилари Эрон (33:24) ҳамда Хитой (33:29) терма жамоалари устидан ғалабага эришиб, қолган учрашувларда имкониятни бой бердилар. Худди шундай кўрсаткични (2 та ғалаба – 4 мағлубият) Таиланд ва Хитой терма жамоалари ҳам қайд этишди.
Осиё чемпионати низомига кўра мана шундай холатларда энг аввало тўплар нисбатига кўра энг яхши кўрсаткичга эга терма жамоа юқори ўринни эгаллайди. Бу борада Ўзбекистон терма жамоасининг кўрсаткичлари Хитой ва Таиланд терма жамоасига қараганда юқори бўлганлиги боис, жаҳон чемпионатининг тўртинчи йўлланмасига Ўзбекистон терма жамоаси сазовор бўлди.
Шу тариқа, 2014 йили Македонияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида Осиё қитъасидан Ж.Корея, Япония, Қозоғистон ва Ўзбекистон терма жамоалари иштирок этиш хуқуқини қўлга киритдилар.