Вингер Михаил Мудрик допинг истеъмол қилганлик айблови бекор қилинганидан сўнг «Челси» таркибига қайтмоқда. Лондон клуби ушбу масала бўйича расмий баёнот берди.
«Якуний қарор Мудрикнинг зудлик билан футболга қайтишига имкон берганидан жуда хурсандмиз. Биз уни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келганмиз.
Илмий ҳисобот стандартларининг ривожланиши ва янада ишончли тест усуллари туфайли, агар Мишанинг намунаси ҳозирги техник талабларга мувофиқ таҳлил қилинганида, у ижобий деб топилмас эди ва антидопинг қоидалари бузилиши юз бермасди, деган факт эътироф этилганини олқишлаймиз», — дейилади клуб баёнотида.
Шунингдек, «Челси» Мудрикнинг ҳеч қачон тақиқланган моддаларни қасддан қабул қилмагани ҳақидаги баёнотларига алоҳида эътибор қаратди.
Эндиликда 25 ёшли Михаил Мудрик машғулотларга қайтиши ва оптимал спорт формасини тиклаш жараёнини бошлаши мумкин. У охирги марта «Челси» сафида 2024 йилнинг ноябрь ойида майдонга тушган эди.













