ФИФА президенти Жанни Инфантино ўз лавозимини сақлаб қолиш учун футболи ривожланган етакчи давлатлардан кўра, асосан ФИФАънинг молиявий ёрдамига муҳтож бўлган кичик давлатларга таянишига тўғри келади. Жаҳон чемпионати ва ташкилот ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш бўйича муваффақиятсиз таклифдан сўнг, қитъа конфедерациялари — УEФА ва КОНКАКАФ томонидан Инфантинога ишончсизлик билдирилмоқда.
Уелс футбол федерацияси биринчи бўлиб Инфантинони қўллаб-қувватлашдан расман воз кечди. Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УEФА) эса 56 ёшли швейцариялик мутахассисга нисбатан ушбу масала юзасидан ҳуқуқий чоралар кўришни ўйлаётганини маълум қилди.
Мухолифат Инфантинони лавозимидан четлатиш учун навбатдан ташқари Конгресс (ЭC) чақириши мумкин. Бунинг учун ФИФАъга аъзо 211 давлатнинг камида 20 фоизи ёзма равишда талаб билан чиқиши керак бўлади. Конгресс сўров тушганидан сўнг уч ой ичида ўтказилиши шарт ва бу рақобатчи номзодлар пайдо бўлиши учун етарли вақт беради. Агар 55 та аъзога эга УEФА бир овоздан қарор қабул қилса, ташкилотнинг ўзи якка ҳолда навбатдан ташқари Конгресс чақириш ваколатига эга.
Бироқ Конгрессда Инфантинони истеъфога чиқариш осон кечмайди. Футболдаги молиявий ва ривожланиш даражасидаги улкан тафовутларга қарамай, ФИФАъдаги барча 211 давлат тенг биттадан овозга эга.
Шу сабабли, Инфантино ўз лавозимини сақлаб қолишда Франция, Испания ёки Англия каби футбол гигантларига эмас, асосан Бутан ва Вануату каби давлатларга таянишга мажбур. Чунки Жаҳон чемпионатида ҳеч қачон иштирок этмаган бу каби кичик мамлакатлар футболни ривожлантиришда тўлиқ ФИФА ёрдамига қарам ҳисобланади. 2023—2026-йиллар сиклида ҳар бир аъзо давлат футболни ривожлантириш дастурлари учун 3 миллион долларгача маблағ олиши белгиланган (бу олдинги сиклдан 1 миллион долларга кўп). Бу маблағ бой давлатлар учун арзимаган чақа бўлса-да, қашшоқ мамлакатлар учун катта сумма ҳисобланади.
ФИФА тизими қандай ишлашига Вануату яққол мисол бўла олади. Жаҳон рейтингида 160-ўринни эгаллаб турган ушбу давлат футбол ассоциацияси раҳбари Ламберт Мальток ФИФА Ижроия қўмитасида 8 та вице-президентдан бири ҳисобланади. ФИФА 340 минг аҳолига эга бўлган ушбу орол мамлакатига 6 500 ўринли стадион қуриш учун 4,15 миллион доллар ажратган ва иншоот 2022-йилда битказилган.
Бундай молия оқимлари Осиё, Африка, Кариб ҳавзаси ва Тинч океани минтақаларида кенг тарқалган бўлиб, ФИФАънинг грантлари эвазига ушбу давлатларда майдонлар, спорт заллари ва футбол дастурлари ишга туширилади. Танқидчиларга кўра, бу тизим Инфантинога пул эвазига ўз лавозимини сақлаб қолиш учун керакли қўллаб-қувватлашни “сотиб олиш” имконини бермоқда. Шу боис, амалдаги президентга қарши бирлашиш деярли имконсиз бўлиб қолмоқда.













