Осиё Элит чемпионлар лигаси мусобақаси олжидан ҳужум чизиғини кучайтираётган «Пахтакор» клуби Ироқ миллий терма жамоаси ҳужумчиси Айман Ҳусайнни ўз таркибига қўшиб олди.
Айман Ҳусайн 1996 йилнинг 22 март санасида Ироқнинг Киркук вилоятида таваллуд топган.
У профессионал фаолиятининг дастлабки йилларини Ироқ чемпионатида ўтказган. Ҳужумчи «Дуҳок», «Ал-Шорта», «Ал-Нафт» ва «Ал-Қува ал-Жовия» каби мамлакатнинг етакчи клублари сафида тўп тепган.
Кейинги йилларда футболчи фаолиятини хорижда давом эттирди. Айман Ҳусайн Тунис, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Марокаш чемпионатларида тўп тепди. Ҳужумчи фаолияти давомида «Сфаксен», «Умм-Салал», «Ал-Марҳия» ва «Ража Касабланка» каби клублар шарафини ҳимоя қилган.
Айман Ҳусайн Ироқ миллий терма жамоасининг асосий ҳужумчиларидан бири ҳисобланади. У 2023 йилги Осиё кубогида 4 та учрашувда 6 та гол киритиб, мусобақанинг энг сермаҳсул футболчиларидан бири бўлди. Хусусан, Япония билан учрашувда дубл қайд этиб, Ироқнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Тажрибали ҳужумчи 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам Ироқ терма жамоаси сафида майдонга тушиб, Норвегия дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Бу гол Ироқ футболи учун тарихий аҳамият касб этди. Сабаби, Ироқ терма жамоаси бунгача Жаҳон чемпионатининг финал босқичида сўнгги бор 1986 йилда гол киритган эди. Ўшанда Аҳмед Радҳи Бельгия билан учрашувда Ироқнинг мундиаллар тарихидаги илк голига муаллифлик қилган эди. Шу тариқа, Айман Ҳусайн 40 йиллик танаффусдан сўнг Ироқ терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида гол урган дастлабки футболчига айланди.
Шунингдек, Айман Ҳусайн Ироқ олимпия терма жамоаси таркибида 2024 йилги Париж Олимпиадасида ҳам иштирок этган. Ҳужумчи мусобақа давомида Украина ва Аргентина терма жамоалари дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлган.














