Кириш Регистрация
07/08 19:00 Сурхон 0-1 Навбаҳор
07/08 19:30 Локомотив 2-1 Динамо
07/08 20:00 Хоразм 2-0 Машъал
08/08 19:00 Нефтчи - Қизилқум
08/08 19:30 Бунёдкор - ОКМК
08/08 20:00 Насаф - Қўқон-1912

FIFA Европа лигалари томонидан жиддий қаршиликка учради

Баҳо:
+ | -

Европа профессионал футбол лигалари ассоциацияси — European Leagues FIFA бошқарув тизимида ислоҳотлар амалга оширилмагунча ташкилотнинг амалдаги мусобақаларни ўзгартириш ёки янги турнирлар ташкил этиш бўйича қарорларини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Бу ҳақда ассоциация матбуот хизмати хабар берди.

Баёнотда таъкидланишича, FIFA президенти Жанни Инфантинонинг FIFA Forward Enterprise (FFE) лойиҳасидан воз кечиши футбол жамоатчилигининг кескин танқидидан кейинги ягона мантиқий қарор бўлган.

Шу билан бирга, Лигалар ассоциацияси ушбу ғоянинг оммавий равишда рад этилгани ва қарор қабул қилиш жараёнининг шаффоф бўлмагани FIFA бошқарув тизими, ички маданияти ҳамда қарорлар қабул қилиш тартиби бўйича жиддий саволларни юзага келтираётганини қайд этди.

Ассоциация, шунингдек, 30 июль куни FFE атрофидаги можаро фонида FIFA миллий футбол ассоциацияларига 2030 йилги Жаҳон чемпионатини 64 та жамоага кенгайтириш имкониятини ўрганишга доир ҳужжат юборганини танқид қилди.

Лигалар ассоциациясига кўра, бу таклифни баҳолаш учун атиги тўрт ҳафта вақт ажратилгани амалий жиҳатдан нотўғри бўлиб, энг кўп таъсир кўрадиган томонлар — лигалар, клублар ва футболчилар билан умуман маслаҳатлашилмаган.

Баёнотда Жанни Инфантинонинг сўнгги ташаббуслари “бузғунчи” сифатида баҳоланган.

“FIFA лигалар, клублар, футболчилар ва мухлислар манфаатларига зид бўлган бир томонлама қарорларни қабул қилишда давом этмаслиги керак. Бугунги кунда FIFA ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бошқарув ислоҳотларига муҳтож. Бундай ислоҳотлар футболдаги барча манфаатдор томонларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнида расмий иштирокини таъминлаши лозим”, дейилади баёнотда.

Ассоциациянинг эслатишича, айнан шундай тизимли муаммолар сабабли 2024 йил октябрь ойида European Leagues Европа комиссиясига FIFA устидан расмий шикоят киритган. Унда FIFA бир вақтнинг ўзида ҳам тартибга солувчи орган, ҳам тижорат оператори сифатида фаолият юритаётгани манфаатлар тўқнашувига олиб келаётгани таъкидланган.

Лигалар ассоциацияси вакиллари сўнгги икки йил давомида Европа комиссияси билан самарали учрашувлар ўтказилганини ва комиссия адолатли рақобатни ҳимоя қилиш ҳамда Европа Иттифоқи суди тамойилларига риоя этилишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўришига ишонч билдирган.

Ассоциациянинг якуний баёнотида футболдаги барча манфаатдор томонлар билан ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий маслаҳатлашув тизими жорий этилмагунча, European Leagues FIFA шафелигидаги мусобақаларни кенгайтириш ёки янги турнирлар ташкил этиш бўйича ҳар қандай ташаббус рад қилиниши қайд этилган.

Аввалроқ The Telegraph нашри УЕФА Жанни Инфантино истеъфога чиқишни рад этса, унга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш орқали FIFA президентлигидан четлатишга уриниши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.

Бунга Инфантинонинг жаҳон чемпионатининг тижорат ҳуқуқларидаги улушни хусусий инвесторларга сотиш режалари сабаб бўлган. Ушбу ташаббус УЕФА, КОНКАКАФ, Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ва KONMEBOL томонидан рад этилган. Шундан сўнг FIFA президенти мазкур лойиҳадан воз кечишга мажбур бўлди.

Инфантинонинг режасига кўра, FIFA Forward Enterprise компанияси FIFAнинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги асосий мусобақаларини тижорий жиҳатдан бошқариши керак эди. FIFA ҳисоб-китобларига кўра, ушбу лойиҳа ташкилотга 4,2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиши мумкин эди. Бироқ ташаббус футбол раҳбарлари, федерациялар ва бошқа ташкилотлар томонидан кескин танқид қилинди. Журналист Ромен Молина эса Инфантино ташкилот ичидаги қўллаб-қувватловни йўқотгани сабаб яқин орада лавозимини тарк этиши мумкинлигини маълум қилган.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 23:59, 05.08.2026.
Ўқилди: 1065 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик