«Ливерпуль» «ПСЖ» вингери Брэдли Барколани таркибига қўшиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Журналист Бен Жейкобс маълумотига кўра, мерсисайдликлар музокаралардаги ўз позициясига ишонч билан қарамоқда.
«Ливерпуль» 23 ёшли француз футболчисининг трансфер қийматини 100 миллион евро атрофида баҳоламоқда. «ПСЖ» эса аввалроқ Франция терма жамоаси аъзосига анча юқори нарх белгилаган эди.
Бироқ Жейкобснинг фикрича, трансфер ойнаси ёпилишига яқинлашган сари икки клубнинг футболчи қиймати борасидаги қарашлари ўртасидаги фарқ қисқариши мумкин. Айниқса, «ПСЖ» «Барселона» ҳужумчиси Ферран Торресни таркибига қўшса, вазият ўзгариши эҳтимол.
«Агар Торрес «ПСЖ»га келса, менимча, 170 миллион евро атрофидаги нарх 20–30 миллион еврога тушиши мумкин.
«Ливерпуль»нинг бошланғич таклифи эса 100 миллион евро атрофида. Бу сумма ҳам яна 10–15 миллион еврога ошиши мумкин. Шунинг учун ҳозир катта бўлиб кўринаётган нархлар ўртасидаги фарқ август ойи давомида аввалгидек қолмаслиги мумкин. Шу сабабли «Ливерпуль» Баркола трансфери амалга ошишига умид қилмоқда», — деди Жейкобс.
Қайд этилишича, «Ливерпуль» Барколани таркибига қўшишдан манфаатдор, футболчининг ўзи ҳам мерсисайдликлар сафига ўтишга қарши эмас. Томонлар ўртасида шахсий шартнома бўйича келишувга эришишда муаммо бўлиши кутилмаяпти.













