Мадриднинг «Реал» клуби футболчиси Браим Диас бош мураббий Жозе Моуриньонинг унга қўяётган тактик талаблари ҳақида фикр билдирди.
Чоршанба куни «қироллик клуби» мавсумолди учрашувида «Депортиво»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Баҳсдаги ягона голни биринчи бўлим охирида Браим Диас киритди.
«Моуриньо мендан нимани талаб қиляпти? Буни унинг ўзидан сўраганингиз маъқул. Аммо бугун у мендан чуқурроққа тушиб, ярим ҳимояда қўшимча футболчи бўлишимни ва ҳужумларни бошлашда жамоага ёрдам беришимни истади. Менга бундай роль ёқяпти», — дея Браимнинг сўзларини Madrid Universal келтирди.
Жозе Моуриньо июнь ойида «Реал» бош мураббийлигига қайтиб, Альваро Арбелоа ўрнини эгаллади. Португалиялик мутахассис аввал ҳам 2010–2013 йилларда Мадрид клубини бошқарган.













