Эрон миллий терма жамоаси 2027-йили Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги мусобақасига қадар бешта ўртоқлик учрашувида майдонга тушишни режалаштирмоқда.
Хабарга кўра, 2026-йилги Жаҳон чемпионатида нисбатан яхши ўйин кўрсатганига қарамай, гуруҳдан чиқа олмаган эронликлар январ ойида бўлиб ўтадиган қитъа биринчилигига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. ЖЧ-2026 олдидан етарли даражада кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказа олмаган Эрон футбол федерацияси бу сафар хатони такрорламасликка ва тайёргарлик босқичини сифатлироқ ўтказишга қарор қилган.
Осиё Кубогига қадар терма жамоалар ихтиёрида фақат иккита ФИФА кунлари мавжуд: биринчиси 21-сентябрдан 6-октябргача, иккинчиси эса 9-ноябрдан 17-ноябргача. Эрон футбол федерацияси раҳбари Меҳди Тож ушбу муддатдаги режалар ҳақида тўхталиб ўтди:
“Биринчи ФИФА кунларида терма жамоа учун 3 та ўйин ташкил этилган. Рақиблардан бири Жаҳон чемпионатида иштирок этган Осиё жамоаси бўлади (катта эҳтимол билан Ўзбекистон), иккинчиси эса Россия терма жамоаси. Учинчи ўйин ҳали тўлиқ тасдиқланмаган, аммо рақиб Европа жамоаси бўлади”.
Тож нега ўйинлар ҳақидаги барча маълумотлар очиқланмаётганига ҳам изоҳ бериб, кейинги йиғиндаги режаларни маълум қилди:
“Ўйинлар ҳақидаги расмий хабар Эрон футбол федерацияси, мезбон мамлакат ҳамда ҳомийлар томонидан бир вақтнинг ўзида эълон қилинади. Ушбу учта учрашув учта турли давлатда — биттаси Осиёда, иккитаси Европада бўлиб ўтади. 9-ноябрдан 17-ноябргача бўлган муддатда эса Эрон терма жамоаси Ироқда бўлиб ўтадиган турнирида иштирок этиб, у ерда иккита ўйин ўтказади”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳам Эрон билан ўртоқлик учрашувини ўтказиш бўйича музокаралар давом этаётганини айтиб ўтган эди.













