"Ал-Ҳилол" "Барселона" ярим ҳимоячиси Марк Касадони трансфер қилиш бўйича таклиф тайёрламоқда. Бу ҳақда Al Yaum нашри хабар берди.
Саудия Арабистони клуби 22 ёшли испаниялик футболчини маҳаллий чемпионатда фаолиятини давом эттиришга кўндириш учун яна бир бор уриниб кўради.
Аввалроқ "Ал-Ҳилол" "Барселона" ва футболчининг ўзига трансфер бўйича таклиф юборган, аммо Касадо уни рад этган эди.
Қайд этилишича, сўнгги вақтларда Касадога бошқа клублардан ҳам бир нечта таклифлар келиб тушган. Ҳозирда у келажаги бўйича якуний қарор қабул қилишдан олдин барча вариантларни кўриб чиқмоқда.
Таянч ярим ҳимоячиси сифатида ҳаракат қиладиган Касадо ўтган мавсум 34 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 4 та сариқ карточка олди.













