«Бавария» спорт директори Макс Эберль янги мавсумда Мюнхен клуби режаларига кирмаган Жоау Пальинья ва Саша Боэ атрофидаги вазият ҳақида гапириб берди.
Пальинья «РБ Лейпциг»га қарши ўртоқлик ўйинида (3:1) майдонга тушмади, чунки унинг трансфери бўйича музокаралар давом этмоқда.
«Музокаралар кечмоқда, трансфер амалга ошиши мумкин. Шу сабабли биз таваккал қилишни хоҳламадик», — дейди Эберль Goal.com нашрига.
«Астон Вилла» билан музокаралар барбод бўлгач, футболчи фаолиятини давом эттириши учун энг эҳтимолий вариант «Ньюкасл» бўлиб турибди — клубга Бруно Гимараэс кетганидан кейин унинг ўрнини босадиган ўйинчи зарур. Палинья 2024 йилнинг ёзида «Фулхэм»дан «Бавария»га 50 миллион евро эвазига ўтган, аммо билдирилган ишончни оқлай олмаган эди. Португалиялик футболчи ўтган мавсумни «Тоттенхэм»да ижарада ўтказди, бироқ Лондон клуби якунда уни сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмади. Олдинроқ «Бавария» Пальиньяни фақатгина 25 миллион евро атрофида тўлиқ сотишга умид қилган бўлса, эндиликда клуб ижара вариантини ҳам кўриб чиқишга тайёр.
Боэ билан боғлиқ вазият ҳозирча камроқ аниқликка эга. Ўнг қанот ҳимоячиси «Лейпциг»га қарши ўйинда Конрад Лаймер жароҳат олгач, тўққизинчи дақиқадаёқ майдонга тушди ва яхши ўйин кўрсатди. Шунга қарамай, Эберль 25 ёшли француз футболчисини жамоада олиб қолишдан маъно йўқ деб ҳисоблайди.
«Сашада маҳорат бор, бунга шак-шубҳа йўқ. Аммо ҳозирда ўнг қанотимизда асосан Станишич ва Лаймер ўйнамоқда. Уни жамоада олиб қолиш молиявий ва спорт нуқтаи назаридан нотўғри бўлар эди», — деди Эберль.
«Бавария» Пальинья, Боэ ҳамда жароҳат олган Брайан Сарагосага янги мавсумда жамоада муҳим роль ўйнашмаслигини маълум қилиб бўлган. Боэ ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини «Галатасарой»да, Сарагоса эса «Рома»да ижарада ўтказган эди.













