«Манчестер Юнайтед» вингери Маркус Рэшфорд роппа-роса 611 кунлик танаффусдан сўнг илк бор манкунианликлар сафида майдонга тушди.
У «Милан»га қарши кечган ўртоқлик ўйинининг (2:4) 61-дақиқасида Патрик Доргу ўрнига захирадан майдонга тушди.
Рэшфорд «Манчестер Юнайтед» таркибида охирги марта 2024 йилнинг декабрь ойида Европа Лигаси доирасида «Виктория Пльзень»га қарши ўйинда майдонга тушган эди. Шундан сўнг у дастлаб «Астон Вилла»га ижарага берилди, 2025/26 йилги мавсумни эса «Барселона» сафида ўтказди. Каталония клубидаги ижара муддати якунлангач, Рэшфорд яна «Манчестер Юнайтед»га қайтди.
Ўтган мавсумда вингер барча турнирларда 49 та ўйинда майдонга тушиб, 14 та гол урди ва 11 та голли узатмага муаллифлик қилди.













