«Ливерпуль» AXA машғулот марказида ўтказилган қисқартирилган мавсум олди ўртоқлик ўйинида «Комо» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Жамoанинг янги хариди Виктор Муньос «қизиллар» сафида энг ёрқин ўйин кўрсатган футболчилардан бири бўлди.
70 дақиқа давом этган ушбу учрашув икки жамоа ўртасида «Энфилд»да кечиши режалаштирилган кечки асосий ўйин олдидан ёпиқ эшиклар ортида ташкил этилди. Унда икки бош мураббий — Андони Ираола ва Сеск Фабрегас иштирок этишди.
Алексис Мак Аллистер ҳам Аргентина терма жамоаси билан Жаҳон чемпионати финалигача етиб борганидан сўнг мавсум олди тайёргарликдаги илк ўйинини ўтказди.
Аргентиналик ярим ҳимоячи Трей Ньони ва Жеймс Макконнелл билан бирга майдон марказида ҳаракат қилди. Ҳужум триосини эса Харви Эллиотт, Федерико Кьеза ва Виктор Муньос ташкил этди.
Муньос ўйин бошиданоқ эътиборни тортди: у Мак Аллистер билан ўзаро пас ўйнаб, «Комо»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Иван Смольчични алдаб ўтди ва Ньонига жуда ажойиб узатма етказди, аммо Трейнинг бош билан йўллаган зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.
Испаниялик футболчи баҳснинг дастлабки дақиқаларида «Комо» ҳимоячиларига доимо хавф солувчи энг фаол ўйинчи бўлди.
Мак Аллистер ҳам майдон марказидан туриб ўйинни ажойиб тарзда бошқарди. У майдон бўйлаб аниқ узатмалар етказиб берди ва биринчи бўлим тугаши олдидан Кьезага хавфли пас узатиб, голли вазият яратди.
Танаффусдан сўнг «Ливерпуль» ҳужумда қийналди ва таркибга киритилган ўзгаришлар ўйинга темп олиб келгунига қадар ҳисоб очилмай қолди.
Киран Моррисон, Уилл Райт ва Льюис Кумас ҳужум чизиғидаги учликни алмаштиришди. Захирадан тушган Кумас дарҳол хавфли зарба йўллади.
Шундан сўнг «қизиллар» рақиб майдонида тўпни кўпроқ олиб қўя бошлашди, Райт ва Кумасда ҳисобни очиш учун яхши имкониятлар пайдо бўлди.
Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида «Ливерпуль» таркибда яна бир қатор алмаштиришларни амалга оширди ва майдонга Мор Талла Ндиае, Лукас Путт ҳамда Жош Сонни-Ламби туширилди.













