Камерун аёллар миллий жамоаси тарихда илк бор Африка миллатлар кубоги ғолибига айланди.
Марокаш пойтахти Работда ўтказилган финалда камерунлик футболчилар турнир дебютанти Малавини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Мари Нга Манга иккита гол урган бўлса, яна бир тўп Наоми Это ҳисобига ёзилди.
Камерунликлар Малавининг асосий ҳужум кучлари — Табита ва Темва Чавинга опа-сингилларини тўхтатишга муваффақ бўлиб, финалда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Бу Камеруннинг Африка миллатлар кубоги финалидаги тўртинчи иштироки эди. Жамоа аввалги учта ҳал қилувчи ўйинда мағлубиятга учраган, аммо бу сафар тарихий совринни қўлга киритди.
Камерун футбол федерацияси президенти Самюэл Это’О ғалабадан сўнг қувончини яшира олмади. Собиқ футболчи майдонда жамоа аъзолари билан бирга чемпионликни нишонлаб, ўйинчиларни тарихий натижа билан табриклади.

Камерун плей-оффда Нигерияни 1:0 ҳисобида мағлуб этди, яримфиналда эса мезбон Марокашни пенальтилар сериясида турнирдан чиқарди. Малави ҳам мусобақада илк бор иштирок этишига қарамай, финалгача етиб бориб, ўз футболи тарихидаги энг яхши натижани қайд этди.













