«Фрайбург» дарвозабони Ноа Атуболининг «Марсель»га эҳтимолий трансфери бўйича музокаралар вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда журналист Флориан Плеттенберг хабар берди.
Манба маълумотига кўра, томонлар ўртасидаги музокаралар якуний босқичга етиб келган эди. Бироқ ўтган дам олиш кунларидан бошлаб келишув жараёни паузага қўйилган.
Шу билан бирга, Франкфуртнинг «Айнтрахт» клуби ҳам 24 ёшли немис дарвозабонини ўз трансфер рўйхатига киритган. Агар клуб Кауан Сантос ёки Михаэль Цеттерердан бири билан хайрлашса, Атуболу дарвозабон позициясини кучайтириш учун асосий номзодлардан бирига айланиши мумкин. Бироқ унинг трансфери катта маблағ талаб қилиши кутилмоқда.
Атуболининг ўзи эса «Фрайбург»ни тарк этиш истагини билдирган.
Ноа «Фрайбург» тарбияланувчиси ҳисобланади ва асосий жамоада 2022/23 йилги мавсумда дебют қилган. Ўтган мавсумда у 50 та учрашувда майдонга тушиб, 70 та гол ўтказиб юборди. Дарвозабон 12 та баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.













