«Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Кёртис Жонс фаолиятини «Интер»да давом эттиришга яқин. 25 ёшли англиялик футболчи трансферни якунлаш учун Миланга етиб борди.
Сўнгги маълумотларга кўра, «Ливерпуль» ва «Интер» трансфер бўйича келишувга эришган. Миланликлар 30 миллион евро кафолатланган маблағ тўлайди, яна 5 миллион евро бонуслар кўринишида берилиши мумкин.
Жонс энди тиббий кўрикдан ўтиши ва шундан сўнг «Интер» билан шартнома имзолаши кутилмоқда.
Футболчи «Ливерпуль» тизимида 16 йил фаолият юритди — у клуб академиясига 9 ёшида қўшилган. Жонснинг амалдаги шартномаси тугашига бир йил қолган ва янги келишув бўйича музокараларда силжиш бўлмагани уни сотиш қарорига таъсир кўрсатган.
Жонснинг кетишидан сўнг «Ливерпуль» унинг ўрнига янги ярим ҳимоячи харид қиладими ёки мавжуд таркиб билан мавсумни давом эттирадими, ҳозирча аниқ эмас.













