«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Поль Погба Англиядаги ҳашаматли уйини сотишга ҳаракат қилмоқда.
Daily Mail маълумотига кўра, француз футболчиси Чеширдаги уйига харидор топилмагач, унинг нархини 3,95 миллион фунтдан 3,5 миллион фунтга туширган. Евро ҳисобида нарх тахминан 4,56 миллиондан 4,04 миллион еврогача пасайган.
Погба ушбу уйни 2017 йилда харид қилган. Тахминан 690 квадрат метр майдонга эга ҳашаматли уйда бешта ётоқхона, шахсий кинотеатр, замонавий спорт зали ва муолажа хонаси мавжуд. Бундан ташқари, футболчи машғулот ўтказиши учун ёпиқ мини-футбол майдони ҳам қурилган.













