«Андижон» — «Хоразм» (1:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Сергей Токов журналистлар саволларига жавоб берди.
«Ўйиндан кейинги фикрим шуки, учрашув оғир ва курашларга бой бўлди. Битта хато ўйин тақдирини ҳал қилди. Ким хато қилса, ўша мағлуб бўлади. Афсуски, хатога биз йўл қўйдик. «Андижон»ни ғалаба билан табриклайман».
— «Хоразм» биринчи бўлимдан бошлаб беш нафар ҳимоячи билан ўйнади. Бу «Андижон»нинг ўйинига мослашиш учун танланган тактиками? Иккинчи бўлимда тўрт ҳимоячига ўтиб, ярим ҳимояни кучайтириш мумкин эмасмиди?
«Менимча, биринчи бўлимни ёмон ўтказмадик. Беш нафар ҳимоячи билан ўйнашимиз фақат ҳимояланишга қаратилган тактика эмас эди. Эътибор берган бўлсангиз, олдинда прессинг қилиш учун тўрт нафар футболчини қолдиргандик.
Иккинчи бўлимда эса бироз чуқурроқ ўйнаб қолдик. Балки бунга чарчоқ ҳам сабаб бўлгандир. Сунъий майдондан табиий чимли майдонга мослашиш ҳам бироз қийин кечди. Жисмоний жиҳатдан кучимиз етишмади.
Бундан ташқари, жароҳат олган футболчиларимиз ҳам бор. Шу сабаб ҳозирча ўйинни кучайтириш осон эмас. Аммо мақсадимиз ҳимояда ўтириш эмасди. Аксинча, юқорироқ ўйнашга ва прессинг қилишга ҳаракат қилдик. Иккинчи бўлимда эса кучимиз бироз камайди».
— «Хоразм» кучли жамоаларга қарши яхши ўйнаяпти. Аммо ўртамиёна рақибларга қарши қандайдир сустлик сезилаётгандек...
«Бу фикрни нимага асосланиб айтяпсиз? Қайси жамоаларни ўртамиёна деб ҳисоблайсиз? «Андижон»ни ўртамиёна жамоа деб ўйлайсизми?
Агар шундай таркибга эга жамоани ўртамиёна деб ҳисобласангиз, нима дейишни ҳам билмайман. Демак, биз умуман бошқа даражада эканмиз.
«Андижон» таркибида яхши футболчилар бор, легионерлари ҳам савияли. Шахсан мен бу жамоани ўртамиёна деб ҳисобламайман. Сизларда яхши мураббий ва яхши жамоа бор.
Менимча, бундай таркиб ва шу мураббийлар штаби билан «Андижон» бемалол совринли ўринлар учун кураша олади. Тўғри, айрим ўйинларда нимадир ўхшамаслиги мумкин. Клубнинг ички ишларини билмайман, аммо жамоа яхши шакллантирилган. Захирадан ҳам юқори савиядаги футболчилар майдонга тушяпти. Улар аввал ҳам яхши жамоаларда ўйнаган ва ўз савиясини кўрсатган футболчилар».
— Захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинни қай даражада кучайтира олди?
«Ростини айтсам, улардан ўйинни кўпроқ жонлантиришини кутгандим. Аммо бу кутилган натижани бермади. Балки ёш футболчи бироз ҳаяжонланиб, ўзини йўқотиб қўйгандир. Ўйинни кучайтиришини истагандик, аммо, афсуски, бунинг уддасидан чиқа олмади».
— Стошич нима учун захирада қолдириляпти?
«Биз таркибга яна бир дарвозабонни қўшдик ва у Стошич билан рақобатда устун келди. Бугунги кунда мураббийлар штаби фикрига кўра, у кучлироқ. Шу сабаб ҳозир айнан Умид Эргашев асосий таркибда ўйнаяпти», — деди Сергей Токов.













