УEФА Чемпионлар Лигаси саралаш босқичи якунланиб, асосий босқичнинг барча иштирокчилари маълум бўлди. Мусобақада жами 36 та жамоа иштирок этади ва улардан тўрттаси турнирда илк бор ўз омадини синаб кўради.
1. “Сабаҳ” (Озарбайжон)
Озарбайжоннинг “Сабаҳ” клуби Чемпионлар Лигасининг саралашнинг охирги босқичида Исроилнинг “Ҳапоэл” (Беер-Шева) жамоасини икки ўйин натижасига кўра 6:4 ҳисобида мағлуб этди. Қайд этиш жоиз, дастлабки учрашув “Сабаҳ”нинг мағлубияти билан якунланган эди (1:2), аммо жавоб баҳсида жамоа рақибини 5:2 ҳисобида таслим этди.
Эътиборли жиҳати, 2017-йилда ташкил топган “Сабаҳ” клуби ҳали ўн йиллик тарихга эга бўлмай туриб, ўтган мавсумда илк бор Озарбайжон чемпионлигини қўлга киритди. 2026-йилда эса ушбу жамоа УEФА Чемпионлар Лигасида дебют қилади.
2. ЛАСК (Австрия)
1965-йилдан буён илк марта Австрия чемпионлигини қўлга киритган ЛАСК ЕЧЛ саралаш босқичининг охирги босқичида Шотландиянинг “Селтик” клубига қарши майдонга тушиб, ирода кўрсатди. Дастлабки ўйин австрияликлар учун 0:3 ҳисобидаги мағлубият билан якунланганди.
Жавоб баҳсининг 22-дақиқасида “Селтик” ҳисобни очгач, австрияликлар икки ўйин натижасига кўра 0:4 ҳисобида ортда қолаётган эди. Бироқ ЛАСК таслим бўлмади — 90-дақиқага қадар жамоа тўртта гол уриб, умумий ҳисобни тенглаштирди. 109-дақиқада эса Самуел Адениран дубл қайд этиб, “Селтик”ни Европа Лигасига, ЛАСКни эса ўз тарихида илк бор Чемпионлар Лигасининг асосий босқичига олиб чиқди. Австрияликлар сардори Саша Хорват ушбу воқеани “футбол мўъжизаси” деб атади.
3. “Викинг” (Норвегия)
“Викинг” Норвегия чемпионатининг амалдаги ғолиби ҳисобланади. Жамоа саралашнинг охирги босқичида Хорватиянинг “Динамо Загреб” клуби билан тўқнаш келди ва икки ўйин натижасига кўра 5:3 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз тарихида биринчи марта Чемпионлар Лигасини йўлланмани қўлга киритди.
4. “Комо” (Италия)
Чемпионлар Лигасининг бошқа дебютантларидан фарқли ўлароқ, “Комо” асосий босқичга Италия А Серияси якунларига кўра йўл олди. Жамоа 71 очко тўплаб, турнир жадвалида тўртинчи ўринни банд этди.
Эътиборлиси шундаки, “Комо” Италия футболининг юқори дивизионига 2024-йилда қайтганди. Бунга қадар жамоа 2003-йилдан буён қуйи лигаларда тўп суриб келаётган эди. Аммо жамоа бошқарувига испаниялик мутахассис Сеск Фабрегас келгач, клубнинг ўйини сезиларли даражада ўзгарди ва қисқа муддатда жамоага ЕЧЛ йўлланмасини тақдим этди.
Маълумот ўрнида, 2026/2027-йилги мавсум Чемпионлар Лигасига қуръа ташлаш маросими 27-август куни Монакода бўлиб ўтади. Умумий босқич ўйинлари 8-сентябрдан старт олади.













